Самарқандда 58 мингдан зиёд фуқаро ўзини ўзи банд қилди

Самарқанд вилоят солиқ идораларида 58 363 киши ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида расман рўйхатдан ўтган. Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, фуқаролар бевосита масофадан туриб ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида «Солиқ» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтмоқда. Таҳлилларга кўра, қишлоқ хўжалиги йўналишида, яъни чорва ҳайвонлари боқиш, қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш, томорқа эгаларига ёрдам бериш сингари ишлар билан ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатга олинганлар орасида энг кўп — 15 771 нафарни ташкил этган.

Маиший хизматлар йўналиши — сартарошлик, косметолог, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калит тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш, бўяш ва бошқа шу каби ишлар билан 14 366 киши шуғулланмоқда.

Шунингдек, саноат (10 378 нафар), халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш (5 173 нафар), ижтимоий соҳаларда хизмат кўрсатиш (12 36 нафар), АКТ соҳасида (639 нафарга яқин) ҳам кўплаб фуқаролар фаолият юритмоқда.

Маълумот учун, ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъий назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи, яъни 111 500 сўм миқдорида тўлайди. Аввалги тартибга кўра, мазкур тўлов йилига 1 003 500 сўмни ташкил этар эди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Шундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Аввалроқ Тойлоқда сўнгги 9 ойда даромадлар тушуми прогнози салкам 33 миллиард сўмни ташкил этгани, Самарқандда хотин-қизлар билан боғлиқ салкам 3,5 мингта муаммо ижобий ҳал этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар