Тойлоқда сўнгги 9 ойда даромадлар тушуми прогнози салкам 33 млрд сўмни ташкил этди

Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани маҳаллий бюджетининг 2020 йил 9 ойлик даромадлар тушуми прогнози 32 миллиард 918,9 миллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳисобот даврида 37 миллиард 703,4 миллион сўмга бажарилган ёки белгиланган режага нисбатан 115 фоизга бажарилиб, даромадлар режаси 4 миллиард 784,6 миллион сўмга орттириб бажарилган. Туман маҳаллий бюджетининг 9 ойлик даромадлар режаси умумий тарзда ошириб бажарилган бўлса-да, манбаларнинг 1 тури бўйича даромадлар режаси бажарилмаган. Жумладан, юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича режа 528,3 миллион сўмни ташкил қилиб, ҳақиқатда 392,7 миллион сўмга бажарилиб, 74 фоизни ташкил этган ёки белгиланган режа 135,6 миллион сўмга бажарилмаган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 29 июндаги 445-сонли «Маҳаллий бюджетларнинг даромадлар базасини кенгайтириш захираларини аниқлаш ишларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида туман молия бўлими ходимлари томонидан 2020 йилнинг 9 ойида жами 2 миллиард 120,1 миллион сўм қўшимча даромадлар йил охиригача туширилиши аниқланган бўлиб, шундан 1 миллиард 761,4 миллион сўм маблағ ундирилишга эришилган.

Аввалроқ мактабларни тезкор интернетга улаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши, мамлакатда пандемия оқибатларини бартараф этишга қанча маблағ йўналтирилгани маълум қилинган эди.