Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этишга қанча маблағ йўналтирилгани маълум бўлди

Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақида Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этишга 13,4 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Шавкат Мирзиёев 2021 йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, йиғилишда макроиқтисодий барқарорлик ва белгиланган бюджет тушумларини тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинган. Бунинг учун 2021 йили иқтисодиётда камида 5,1 фоиз, жумладан, саноатда 5,8 фоиз, хизматлар ва қурилишда 6,5 фоиздан ўсишга эришиш керак бўлиши ва инфляция даражаси ва бюджет дефицитини прогноз кўрсаткичларидан оширмаслик муҳимлиги айтилган.

Яширин иқтисодиётни қисқартириш ҳамда 600 минг иш ўрнини легаллаштириш, 53 та идоранинг маълумотлар базасини интеграция қилиш, маркировка қўлланиладиган маҳсулотлар турини кенгайтириш ҳисобига бюджетга қўшимча маблағлар тушириш мумкинлиги айтиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев маслаҳатчиси Сума Чакрабарти билан Ўзбекистонни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилганди. Шунингдек, Президентнинг аввалги селекторида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жамғармалар ташкил этилиши маълум қилинди.

Янгиликлар