«Биринчи хотин бирга яшаш, иккинчиси эса ўйин-кулги учун». Ўзбекистонлик қиз эркакларнинг қўшхотин олишини танқид қилди

Ўзбекистонлик қиз собиқ севгилиси унга 2-хотинликни таклиф қилгани ҳамда бу адолатсизлик эканини айтиб, «Nemolchi»га мурожаат йўллади.

Фото: «valenteshop»

Унинг мурожаатига кўра, баҳорда севгилиси унга эмас, бошқа бир оқила, одобли қизга уйланишини айтгани сабабли улар ажралганини маълум қилган.

«Баҳорда севган инсоним билан уришиб қолдик ва ажралдик. У мени севади, деб ўйлардим. Тўғри, аразлашишлар бўлган, лекин мен бошқача дунёқарашга эгаман. Кейинроқ у менга уйланмаслигини, бошқа бир оқила, одобли, унга ҳеч қачон гап қайтармайдиган қизга уйланишини айтди. Бу менга умуман ёқмади, жуда ғазабландим. Лекин ҳаммасини унутдим ва яшашда давом этдим», — дейди қиз.

Лекин йигит уйланганидан кейин яна бирга бўлиш таклифи билан унга ёза бошлаган:

«Яқинда менга бирга бўлиш таклифи билан яна ёза бошлади. Хотини зерикарлилиги сабаб унга қизиқмаётган эмиш. Яна менинг бошқача эканлигимни такрорлайверди. Мен эса у билан алоқани тиклашни хоҳламадим. Тағин у уйланган бўлса! У мени иккинчи хотин қилиб олишга тайёрлигини ва фақат мени севишини айтди. Биринчи хотини эса уй бекаси бўлиши ва фақат ота-онаси учун эмиш. Мен тўғридан-тўғри ‘уй бекаси эмас, хизматкор!’, дедим. Унга уч дона сўз ёздим ва уни ‘чёрний’га солиб қўйдим. Лекин шунда ҳам менсиз яшолмаслигини айтиб, тинч қўймаяпти».

Шунингдек, қиз унинг виждони бу ишга йўл қўймаслигини, агар собиқ севгилисининг таклифига рози бўлса, ўша аёлга нисбатан адолатсизлик бўлишини таъкидлаган:

«Мен ундан очиқчасига сўрадим: ‘эркак одобли, оқила қизга уйланади-да, вақтичоғлик қилиш учун хотинининг акси бўлган қиз билан вақтини ўтказиши адолатсизлик эмасми?’ Биринчи хотин кундалик ҳаёт учун, иккинчиси эса ўйин-кулги учун бўлса-я?

У Ўзбекистондаги 90 фоиз эркак идеал аёл йўқлиги сабабли шундай яшашини айтди. Унинг айтишича, шу сабабли эркаклар бошқа аёллар билан муносабат ўрнатади. Мен ҳайратда қолдим! Қўполлик билан жавоб қайтардим. Наҳотки эркакларимизнинг 90 фоизи шунақа бўлса?.. Турмушга чиқиш ҳам қўрқинчли бўлиб қолди».

Ҳаёт