«Одамлар қизини сотади. Бу — қонуний одам савдоси». Уйланиш арафасидаги йигит «қалин пули»га муносабат билдирди

Ўзбекистонлик йигит яқинда севган қизига уйланаётгани, лекин ‘қалин пули’нинг миқдори юқорилиги сабаб нима қилишни билмаётгани учун «Nemolchi»га мурожаат йўллади.

Фото: «gramho»

Мурожаатига кўра, у севган қизи билан битта университетда ўқийди. Таъкидлашича, ҳозирда яхши жойда ишлайди ва жуда яхши даромад топади ва шу сабабли, ота-онаси бой бўлишига қарамай, улардан умуман пул сўрамайди.

«Отам жуда бой бўлса ҳам, ундан умуман пул сўрамайман, ўз эҳтиёжларимни ўзим қоплайман доимо. Лекин севган қизимнинг ота-онаси ‘қалин пули’ берсамгина қизи менга турмушга чиқишини айтди. Мен бу пулларга севган қизим ўзи учун бирор керакли нарса олса керак, деб ўйладим. Лекин билдимки, бу пул аслида унинг ота-онаси учун экан. Худди мен уларнинг қизини сотиб олишим керак. ‘Қалин пули’ сут ҳақидек экан», дейди у.

Унинг таъкидлашича, қизнинг ота-онаси йигитдан минг доллар эмас, 3 минг доллар эмас, 20 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда пул сўраган.

«Бу ‘қалин пули’ сут ҳақи эмиш. Тағин минг доллар эмас, 3 минг доллар эмас, нақд 20 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда-я… Oдамлар қизини сотмоқда, бу эса худди қонуний одам савдоси. Мана нима учун жамиятимизда келинларга ‘биз сени сотиб олдик, шундай экан, нимани хоҳласак, шуни қиламиз’, деб ёмон муносабатда бўлади!» —дейди у.