Россия ОТМларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар кўпайтирилади

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев икки мамлакат Россия ОТМларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар сонини ошириш устида иш олиб бораётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Yuz.uz» хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бўлиб ўтган саралаш кампаниясида Ўзбекистон учун ҳукумат квотасининг 228 та ўрнига 4 мингдан ортиқ номзод ариза топширган. Элчининг маълум қилишича, бугунги кунда Россия олий таълим муассасаларида 30 мингдан зиёд ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда. Россияда Ўзбекистон бу кўрсаткич бўйича хорижий давлатлар орасида етакчилик қилади.

Шунингдек, Тюрденев Россия ОТМларининг Ўзбекистондаги филиаллари тармоғини кенгайтириш масаласига ҳам эътибор қаратган. Хусусан, Тошкентда Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети филиали ва Россия халқлар дўстлиги университети (РУДН) ваколатхонаси  очилди.

Элчи РУДН Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасидаги келишувга асосан мигрантларни ўқитиш учун қўшимча умумтаълим дастурларини олиб бораётганини эслатган.

Aввалроқ Ўзбекистонда талаба ва ўқувчиларга поезд чипталари учун 50 фоиз чегирма берилиши ҳамда Ўзбекистон ОТМларида талабаларнинг рейтинг дафтарчаси ва гуруҳ журналлари бекор қилиниши ҳақда хабар қилинган эди.

Янгиликлар