Ўзбекистон ОТМларида талабаларнинг рейтинг дафтарчаси ва гуруҳ журналлари бекор қилинади
Ўзбекистон Олий таълим муассасаларида рейтинг дафтарчаси ва электрон журнал бекор қилинади. Бу ҳақда АОКАда олий таълим муассасаларида масофавий таълимни жорий этиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Алишер Абдуллаев таълим бўйича амалга ошириладиган ишларга тўхталган.
«2020-2021 йилги ўқув йилидан 46 та таълим муассасаси крдеит-модул тизимига ўтди. Бу тизимга ўтган ОТМда кейинги ўқув йилидан рейтинг қайдномаси ва электрон журнал бекор қилинади. Бу ҳам шаффофлик ва талабалар, профессор-устозлар учун катта имкониятлар яратади», — дейди Алишер Абдуллаев.
Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида 16 январдан анъанавий ўқиш бошланиши тўғрисидаги хабар рад этилган эди. Шунингдек, ОТМ талабаларига академик таътил берилиш тартиби маълум қилинган эди. Қонунчиликка кўра, Ўзбекистон ОТМ талабаларига академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:
– ҳарбий хизматни ўташ учун;
– саломатлигини тиклаш учун;
– ҳомиладорлик ва туғиш учун;
– болаларни парвариш қилиш учун.
Маълумот учун, олийгоҳлар талабалари 2020 йил 28 декабрдан қишки таътилга чиқади.