ДТМ: «Тест синовлари учун тўловни амалга ошириш, тест топшириш ҳудудини ўзгартириш муддати тугаб бўлган»

Кейинги кунларда Давлат тест марказига абитуриентлар томонидан тўловни амалга ошириш, тест топшириш ҳудудини ёки бошқа бир маълумотларни ўзгартириш тўғрисида мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар қилди.

Хабарга кўра, ҳозирда Давлат тест марказининг базасига киритилган маълумотлар асосида ёпиқ иш тартибида абитуриентлар учун тест материаллари (тест топшириқлари китоблари ва жавоб варақалари) шакллантирилмоқда.

Шунингдек, мазкур маълумотлар асосида абитуриентларнинг тақсимоти амалга оширилиб, уларга тест синовида иштирок этиш учун рухсатномалар шакллантирилди ҳамда 22 августдан бошлаб абитуриентларга рухсатномалар тарқатилмоқда. Давлат комиссиясининг 2-сон баёнига мувофиқ белгиланган тартибда рўйҳатдан ўтган, аммо айрим сабабларга кўра тест синовларида иштирок этиш учун тўловни амалга оширишга улгурмаган абитуриентларга 13 августдан 16 августга қадар тўловни амалга ошириш учун қўшимча имконият берилганди.

Хабарда таъкидланишича, бугунги кунда тест синовлари учун тўловни амалга ошириш, тест топшириш ҳудудини ёки бошқа бир маълумотларни ўзгартириш имконияти мавжуд эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДТМ рўйхатдан ўтган, лекин тўлов қилишга улгурмаган абитуриентларга мурожаат қилгани ҳамда чет тилидан сертификати бор абитуриентларнинг рўйхатдан ўтишдаги хатоликлари ҳақида маълумот бергани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар