Москвада VI Халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди (фото)
Москва вилоятида жойлашган Патриот паркида 23 август куни VI Халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан Мудофаа вазирлиги офицерлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Бу ҳақда «Tez News»га Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Россия Ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Россия Мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу иштирок этган тантанада мусобақага қатнашаётган давлатлар жамоалари вакиллари ўз байроқлари остида саҳнага чиқиб келишган. Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар Ҳарбий-техник форумдан ўрин олган жанговар техникалар билан танишган. Шунингдек, «Дўстлик уйи»да бўлиб ўтган кўргазмали намойишда барча иштирокчи давлатлар ўзларининг маданияти, миллий либослари ва ҳунармандчилик намуналарини намойиш этган.
«‘Дала ошхонаси’ йўналишида мусобақалашаётган давлатларнинг миллий таомлари намойиши ҳам кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Бир чеккадан бошлаган томошабин охирига етгунча бир-бирига ўхшамайдиган таомлардан татиб кўрди. Айниқса, ўзбек паловига навбатда турганлар кўп бўлди. Алабино полигони Наврўз сайлига ўхшаш қиёфа касб этди», — дейилади хабарда.
Шу куннинг ўзида «Танк биатлони» мусобақаси иштирокчиларининг якка тартибдаги беллашувлари бошланган. Ўзбекистон танкчилари 25 август куни илк баҳсларга кириши маълум бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Қўқон шаҳридаги ҳарбий қисм ўқув марказида 21 август, жума куни «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик жараёнлари бўлиб ўтаётганлиги маълум қилинганди.
Аввалроқ Москвадаги ҳарбий мусобақа ўйинларида ўзбекистонликлар иштирокидаги баҳслар қачон ўтказилиши маълум бўлганди. Кейинчалик Самарқанддаги «Сазаган» дала-ўқув майдонида «Энг илғор мутахассис» танлови ва Қўқонда «АрМИ—2020» баҳсларига тайёргарлик ишлари бошлангани ҳамда халқаро ўйинларининг «Йўл патрули» мусобақаси иштирокчилари Қўқонга боргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг «АрМИ—2020» иштирокчилари Фарғона ва Наманганда бўлган.