Ўзбекистонда социология ва ижтимоий иш соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган олима вафот этди

Ўзбекистонда социология ва ижтимоий иш соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган олима, социология фанлари доктори, профессор Ғаниева Маърифат Хабибовна 23 сентябрь куни 74 ёшида вафот этди.

Фото: «Tez News»

Профессор Маърифат Ғаниева 1947 йил 13 февралда Тошкент шаҳрида зиёли оилада таваллуд топган. 1970 йилда ТошДУ (ЎзМУ) нинг Тарих факультети Фалсафа бўлимини  тамомлаган. Олима 1970 йили ўқишни битиргач, ўз педагогик ва илмий фаолиятини ТошДУ (ЎзМУ)да ўқитувчи сифатида давом эттирган. М.Ғаниева 1971—1974 йилларда ТДПИ Фалсафа кафедрасида аспирант бўлган, 1975 йил май ойида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Шу йили унга ОАК томонидан фалсафа фанлари номзоди илмий даражаси берилган. 1974—1994 йиларда ТошДУ ўқитувчиси, катта ўқитувчиси, кафедра мудири лавозимларида ишлаган. 1981 йилда Буюк Британия Оксфорд университети St Antony’s коллежи стажер-тадқиқотчиси, 1994—1995 йиларда Россиянинг «Останкино» телекомпаниясининг Ўзбекистондаги муҳбири лавозимида ишлаган.

Ўзбекистонда социология ва ижтимоий иш фанларининг назарий ва амалий ривожи, соҳанинг ижтимоий-маънавий ҳаётдаги ўрнини юксалтириш, тарғиб қилишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган олиманинг «Социология», «Маданият социологияси», «Ижтимоий иш назарияси», «Ижтимоий иш тарихи», «Ижтимоий ишнинг ҳуқуқий асослари», «Этносоциология», «Оилалар билан ижтимоий иш» каби ўнлаб дарслик ва ўқув қўлланмалари ўзбек ва рус тилларида чоп этилган эди. Ўзбекистон Миллий университетида профессор Маърифат Ғаниева «Ижтимоий жараёнлар ва муносабатларни тадқиқ этиш, ижтимоий ишни ривожлантириш» илмий мактаби яратган.

Аввалроқ Президент академик Муҳаббат Абидова ва Тельман Ражабов вафоти билан таъзия билдиргани, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Анвар Эргашев коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган эди.