Шавкат Мирзиёев академик Тельман Ражабов вафоти муносабати билан таъзия билдирди

Шавкат Мирзиёев академик Тельман Ражабов вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, материалшунослик физикаси, илмий асбобсозлик ва микроэлектронлар техникаси соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Тельман Ражабов 2020 12 августда 85 ёшида вафот этган.

«Таниқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Тельман Ражабовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Тельман Ражабов 1935 йил 15 августда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1959 йили Н.Бауман номидаги Москва техника университетини тугатиб, мазкур университет аспирантурасида таҳсил олган. 1966 йили номзодлик, 1980 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Маълумот учун, академик ўз меҳнат фаолиятини 1959 йилда Фанлар академияси Физика-техника институтида кичик илмий ходим сифатида бошлаган. Қарийб 60 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Электроника институти лаборатория мудири, Марказий илмий асбобсозлик конструкторлик ва технологик бюроси директори, Тошкент электротехника алоқаси институти ректори, Марказий Осиё телекоммуникация ўқув маркази директори, Тошкент электротехника алоқаси институтининг кафедра мудири лавозимларида меҳнат қилган.

Олим Ўзбекистонда физикавий материалшунослик ва микроэлектроникани илмий асбобсозликда қўллаш илмий йўналишининг асосчиси сифатида танилган. Шунингдек, ушбу соҳанинг илмий ва амалий масалаларига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари, монография ва рисолалари Ўзбекистон ва чет эл илмий жамоатчилигининг эътирофига сазовор бўлган.

Маълумот учун, академик Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш борасидаги хизматлари учун «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган.

Aввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Aнвар Эргашев коронавирус асоратларидан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар