Каттақўрғонда салкам 13 млн сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди
Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳрида 12 миллион 935 минг сўм алимент тўламаган ота 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси Каттақўрғон шаҳар бўлими «Tez News»га хабар қилди.
Хабарга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор Ш.М.дан Л.Э. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритиш қўзғатилган.
Маълум қилинишича, қарздор Ш.М.нинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли давлат идораларига сўров хатлари юборилган бўлиб, унга кўра қарздор номига расмийлаштирилган мол-мулклар аниқланмаган.
Хабарда айтилишича, ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ш.М. бир неча марта огоҳлантиришларга қарамасдан 2019 йилнинг июнь ойидан буён алимент тўламай келаётганлиги аниқланиб, ҳисоб-китоб қилинганда бугунги кун ҳолати бўйича 12 миллион 935 минг сўм қарздорлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, қарздордан алимент қарздорлигини ундириш имкони бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан тўпланган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47(4)-моддаси 1-қисмига асосан маъмурий жавобгарлик масаласини кўришлик учун Каттақўрғон шаҳар маъмурий судига юборилган.
Каттақўрғон шаҳар маъмурий судининг қарори билан қарздор Ш.М.га нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси тайинланган.
Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган уч нафар шахс 15 суткага қамалгани ҳамда Қашқадарёда МИБ ёрдамида 3 ойдан бери алимент ололмаётган аёлга пуллар ундириб берилгани ҳақида хабар қилинганди.