Қўқонда фуқаронинг 20 млн сўмдан ортиқ пулини тортиб олган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 6 сентябрь куни фуқаронинг 20 миллион сўмдан ортиқ пулини тортиб олиб, уни қайтармаган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Фарғона виляоти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона виляоти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Хабарда айтилишича, фуқаро Б.М. ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, унда 4 сентябрь куни номаълум шахс Машраб кўчасида 2000 АҚШ долларига айрибошламоқчи бўлган 20 200 000 сўм пулларини очиқдан-очиқ тортиб олиб бермаётганлигини билдирган.

Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.Ш. содир этганлиги аниқланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси 1-қисми (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Аввалроқ Тошлоқда фуқаронинг бир миллион сўмлик велосипедини ўғирлаб кетган шахс қўлга олингани ҳамда Косонсойда ер олиб беришини айтиб, фуқарони 100 минг долларга чув туширган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар