Тожикистонда 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ночор оилаларга 1,5 млн долларлик моддий ёрдам кўрсатилди

Тожикистоннинг 40 та шаҳар ва туманида яшовчи 103,6 мингдан ортиқ камбағал оилаларга 1,5 миллион доллардан ортиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар берди.

Хабарга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида ушбу оилаларга, тахминан, 16,1 миллион сомони (1,5 миллион доллар) миқдорида ижтимоий ёрдам берилган.

Таъкидланишича, 2011 йилдан бери камбағалликни қисқартириш мақсадида республикада кам таъминланган оилаларга манзилли ижтимоий ёрдамнинг тажриба механизми ишлаб келмоқда. Дастлаб ушбу механизм асосида Суғд вилоятининг икки шаҳри ва Хатлон вилоятининг Яван туманидаги камбағал оилаларга ёрдам кўрсатилган.

Шу ўринда, 2016 йил 1 январдан бошлаб мамлакатнинг 25 шаҳар ва туманидаги кам таъминланган оилаларга ёрдам берила бошланган ва 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб яна 15 шаҳар ва туман қўшилган.

Умуман олганда, сўнгги 6 йил ичида республиканинг 405,6 мингдан зиёд камбағал фуқароси 138,1 миллион сомони (13,3 миллион доллар) миқдорида ижтимоий нафақалар олган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг май ойида Тожикистон ҳукумати республикада ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг янги механизмини тасдиқлаган.

Янгиликлар