Андижонда карантин даврида қанча фуқаро даромад манбаидан ажралгани маълум бўлди

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 21—22 май кунлари вилоятга ташрифи давомида пандемия шароитида иқтисодиётни юксалтириш, ижтимоий аҳволни яхшилаш юзасидан берган кўрсатмалари ижроси юзасидан маълумот берди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Фото: «Халқ сўзи»

Маълум қилинишича, давлат раҳбари томонидан ташриф якунига доир 154 банддан иборат йиғилиш баёнида 257 та топшириқлар юклатилган. Унда кўзда тутилган амалий ишлар учун 7,5 триллион сўм, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда коммуникация тармоқлари учун 532 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши вилоят ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Қайд этилишича, вилоятда 882 та маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, якка-ёлғиз, карантин даврида даромад манбаидан маҳрум бўлган 40 725 та оилада яшовчи 158 126 нафар фуқаро рўйхати қайд этилган. Айни пайтга қадар уларнинг 29,5 минг нафарининг бандлиги таъминланди. 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами иш билан таъминланганлар 36 806 нафарга етказилади. 4-чорак давомида «темир дафтар»га қайд этилган оилаларнинг ҳар бирида 1 нафардан аҳоли иш билан таъминланади.

Президент вилоятга ташрифи давомида камбағалликдан чиқариш бўйича аҳоли хонадонларига 70 минг бош қуён, 20 минг бош эчки ва 5 миллион бош парранда тарқатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берган. Бунинг учун жойларда жами 94 та кластер ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари, Бухорода Миллий гвардия томонидан оилавий шароити оғир фуқароларга қорамол ҳамда Сирдарёда «темир датар»га киритилган 731 та оилага салкам 601 миллион сўм пул тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Бундан ташқари, Самарқандда 18 824 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий ёрдам пули, Қоракўлда «темир дафтар»га киритилган оилаларга қарийб 2 миллиард сўм ва Андижон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларнинг 518 нафар аъзосига 113 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари тарқатилгаги маълум бўлган.

Янгиликлар