Каттақўрғонда 705 та оила камбағалликдан чиқарилди
Самарқанд вилояти халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгашининг қарорига асосан ўзини ўзи банд қилиш орқали амалга оширилган ишлар натижасида 705 та оила камбағаллик тоифасидан чиқарилди. Бу ҳақда Каттақўрғон туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, Каттақўрғонда 69 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 61,7 минг оилада 273,3 минг аҳоли истиқомат қилиб, шундан банд аҳоли 109 минг нафар, ишсизлар 11,4 минг нафарни ташкил этади. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами таҳлил қилиб чиқилганда туманда 3556 та камбағал оилада 16 503 киши «темир дафтар»га киритилган. 3556 та оилага 724 та саховатпеша тадбиркорлик субъектлари ва ҳомийлар ихтиёрий равишда бириктирилган.
Ушбу «темир дафтар»га «Саховат ва кўмак» жамғармасининг ҳисоб рақами очилган ва ҳозирга қадар умумхалқ ҳаракати доирасида иштирок этадиган 176 та тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахс томонидан жами 2,4 миллиард сўм молиявий маблағ, 550 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари жамланган.
Таъкидланишича, туманда 9 минг гектар майдонда ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 72,5 центнердан олинди ва саховатпеша фермер хўжаликлари томонидан 798 тонна ғалла захираси тайёрланиб, дон корхонаси омборида сақланмоқда. Хусусан, камбағал оилаларни бу тоифадан чиқариш ҳамда карантин даврида ишсиз қолган фуқароларни иш ўринлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 5059 нафар фуқаро бугунги кунга қадар доимий даромад манбаига эга бўлган. Жумладан, дала томорқадан (кооперативлардан) ер майдони ажратилди, вакант жойларга ишга қабул қилинди, шахсий томорқаларга субсидия ажратилди ҳамда жамоат ишларига жалб қилинган.
Шунингдек, Президентнинг 2020 йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан «темир дафтар»га киритилган 605 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан моддий ёрдам пуллари берилган.
Бундан ташқари, «темир дафтар»га киритилган 2563 та ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларнинг 11 254 нафар оила аъзосининг ҳар бири учун 220 минг сўмдан жами 2475,9 миллион сўм моддий ёрдам маблағлари етказилган.
Аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари тарқатилгани, Ғиждувонда яна 9 та оила камбағалликдан чиқарилиши ҳамда Бешариқда эҳтиёжманд оилаларга 315 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.