ЮНЕСКО Фарғонани дунёнинг аҳолиси энг ўқимишли шаҳарлар рўйхатига киритди

Фарғона ЮНЕСКО томонидан дунёнинг аҳолиси энг ўқимишли шаҳарлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЮНЕСКО томонидан онлайн ташкил этилган сессиясида Фарғона шаҳри дунёнинг энг ўқимишли шаҳарлар рўйхатига киритилган. Шунингдек, Таълим шаҳарлари глобал тармоғига бундан ташқари 26 мамлакатдан 54 янги аъзо ҳам қабул қилинган. Янги аъзолар ЮНEСКО Таълим шаҳарлари глобал тармоғи таркибида мавжуд шаҳарлар умумий сонини 64 мамлакатда 230 тага етказмоқда.

ЮНEСКОнинг Узлуксиз таълим институти тармоқ мувофиқлаштирувчиси сифатида тегишли мамлакатларда ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссиялар томонидан номзодлар берилгандан сўнг янги аъзоларни қабул қилган. Шаҳар ҳокими ва маъмуриятининг узлуксиз таълимга оид қатъий мажбурияти таълим шаҳрига айланишнинг асосий шартидир. ЮНEСКО Таълим шаҳарлари глобал тармоғи потенциал аъзолари ариза бериш жараёнида жамиятда барча учун узлуксиз таълим имкониятларини тақдим этиш бўйича аниқ тасаввурни намойиш этиши керак. Янги қабул қилинган шаҳарлар ташкилот фаолиятида иштирок этиши ва таълим шаҳарлари сифатида эришган ютуқларини акс эттирадиган икки йиллик ҳисоботни тайёрлаши лозим.

Узлуксиз таълим институти директори Дэвид Ачоаренанинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси келажак учун янада барқарор таълим тизимларини яратиш зарурлигини кўрсатган. Инсониятнинг ярмидан кўпи шаҳарларда яшагани сабабли, шаҳарлар бу ислоҳотларнинг марказида бўлиши керак.

«Пандемия даврида дунёнинг турли мамлакатларидаги ЮНEСКО таълим шаҳарлари оғир шароитда ҳам узлуксиз таълимни амалга оширишга муносиб эканини исботлади. ЮНEСКО Таълим шаҳарлари глобал тармоғи янги аъзоларини қутлайман ва узлуксиз таълимни ҳамма учун таъминлаш мақсадимизни янада ривожлантириш йўлида улар билан ҳамкорликда ишлашни жуда истайман», —деди Дэвид Ачоарена.

Маълумот учун, Фарғонада пандемия шароитида онлайн ўқувларни ташкил этиш, таълимни узлуксизлигини таъминлаш мақсадида «Китобхон ўқувчи», «Китобхон оила», «Китобхон талаба» каби танловлар ўтказилган. Уларда 500 мингдан ортиқ иштирокчи билимини синовдан ўтказган.

Аввалроқ Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрлани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар