Бухородаги 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига номзод сифатида тайёрланди

Бухоро вилоятида жойлашган 7 та маданий мерос объекти ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзA хабар берди.

Таъкидланишича, айни пайтда Бухоро вилоятида 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Шундан 287 таси археология ёдгорликлари, 507 таси архитектура объектлари, 17 таси монументал санъат ҳамда 18 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 2 мартдаги фармони билан тасдиқланган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг «Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари» деб номланган 4-бўлими 223-бандида жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган маданий меросини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси алоҳида белгилаб қўйилган.

Вилоят маданий мерос бошқармасининг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Aкадемияси билан биргаликда Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институтини жалб қилган ҳолда «Ипак йўли: Зарафшон дарёси ва Қайроқум йўналиши» (Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон) чегаралараро обидалари қаторида Бухоро вилоятида жойлашган Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Вобкент минораси ва Чашмаи Aюб мақбараси архитектура объектлари ҳамда қадимги Пойкент, Варахша ва Вардонзе шаҳар қолдиқларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш бўйича, халқаро мезонлар асосида номзодлик ҳужжатлари тайёрланмоқда.

Aввалроқ «Mystery Box» компанияси асосчиси 8К форматида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тўғрисида видеоролик суратга олгани ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар