Қувасой шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 3 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳар ҳокими «Қўчқорчи» МФЙда 23 октябрь, жума куни ўтказган қабулда эҳтиёжманд 3 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, «Қўчқорчи» МФЙ ҳудудидаги «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжмандлар билан суҳбатлашиш ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида «темир дафтар»да мавжуд аҳоли билан учрашув бўлиб ўтган. Учрашувда шаҳар ҳокими Равшан Раҳимжонов, шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳамда тегишли масъуллар иштирок этган.
Қайд этилишича, учрашув Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 8 октябрь куни ўтказилган видеселектор давомида берилган топшириқлар ижросини бажариш мақсадида ўтказилган.
Хабарга кўра, қабулга келган 25 фуқаронинг 18 нафаридан мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 15 таси юзасидан тегишли масъулларга топшириқлар берилган.
Мавзуга доир:
Бундан аввал Қўқон шаҳар ҳокими ўтказган қабулда 29 та мурожаат тинглангани ва Фарғонада ўтказилган АКТ вазири ўринбосари қабулида 23 та мурожаат ҳал этилгани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Фарғонада ўтказилган сайёр қабулда 15 та мурожаат ҳамда Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 700 дан ортиқ муаммоси ҳал этилгани маълум қилинганди.