Жиззахда мактаб ўқувчилари уст кийимларсиз совуққа олиб чиқилди

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Ахборот-кутубхона маркази очилишида уст кийимларсиз ва юпун миллий либос кийган мактаб ўқувчилари совуққа олиб чиқилди. Бу ҳолат ижтимой тармоқларда кўплаб муқокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Бахмал тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум бўлишича, ўша куни ҳаво ҳарорати -2 даражадан -11 даражагача совуқ бўлган. Бироқ ҳаво ҳарорати совуқлигига қарамай, тадбир ташкилотчилари атлас кўйлак ва бошда дўппи қийган мактаб ўқувчи-қизларидан жонли декорация сифатида фойдаланган. Тадбир меҳмонлари эса пальто ва телпакда бўлган.

Фото: Бахмал тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Ушбу ҳолат блогер ва журналистлар орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган. Хусусан, ҳуқуқшунос-блогер Хушнудбек Худойбердиев бу вазиятни «Ўша гап: Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш!» дея атаган. Журналист Алишер Рўзиохунов эса ўзининг Telegram каналида: «Шу қизчалар совуқ ҳавода юпун кийимда чиқиб, жонли декорация бўлиб турмаса, Бахмал туманидаги Ахборот-кутубхона маркази очилмай қоладим?» дея савол қолдирган.

Фото: Бахмал тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, блогер Умид Гафуров ўзиниг Telegram каналида: «Расмларда эримаган қор, қалин кийинган эркак ва аёллар ҳамда юпун кийимларда турган мактаб ўқувчиларини кўриш мумкин. Мана шундай юртимиз бор», дея пост жойлаган.

Кескин норозиликларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан Бахмал тумани ҳокимлиги муносабат билдириб, туман ҳокими тадбирга ташриф буюрганда ташкилотчиларнинг ёш болаларни совуқ кунда юпун кийинганига тадбирга ташриф буюрганидан кейин гувоҳ бўлганини маълум қилган. Шунингдек, хабарда ҳавонинг совуқлиги боис очилиш маросими ташқарида тахминан 5–6 дақиқа давом этгани, тадбир якунлангач, туман ҳокими тадбир ташкилотчиларига кичик йиғилиш ўтказганини таъкидланган.

Ҳокимлик матбуот хизмати хабарида айтилишича, суратдаги ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат жараёнида улар мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли бунга эътирозлари йўқ эканлигини билдирган. Шу билан бирга, тадбир ташкилотчиларига бундан кейин ҳар қандай тадбирларни ўтказишда янада масъулиятли ва эътиборли бўлишлари юзасидан огоҳлантириш берилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчиларининг совуқда икки қатор бўлиб юпун кийимларда байроқ кўтариб, мутасаддиларни кутиб олаётгани акс этган фотосурат тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Суратда қор эримаган мактаб ҳовлисида куртка ва бош кийимсиз ўқувчилар қўлида байроқ кўтариб турганини кўриш мумкин. Йўлакда эса пальто кийган аёл ва эркак ўтиб бораётгани тасвирланган. Шундан сўнг 43-умумтаълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси ҳамда мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Янгиликлар