Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда Зиёрат туризми маркази очишни таклиф қилди

Халқаро ислом академиясида 24 декабрь куни ўтказилган тадбирда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан Зиёрат туризми маркази ва «Ал-Бухорий» халқаро спутник телеканалини очишни таклиф этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Маълум қилинишича, халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган тадбирда 2018—2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан келувчи сайёҳлар оқими 170 фоизга, Малайзиядан 158 фоизга, Туркиядан 154 фоизга, Бирлашган Араб Амирликларидан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошгани таъкидланган.

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон «Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси» (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаган.  Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган «энг жозибадор» ҳамда «хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори» бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон «Halal Traveler Frontier 2020» ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди.

Бундан ташқари, Академия бинолари, конференция заллари, талабалар турар жойларидан хорижий талаба ва тадқиқотчилар учун «Академик туризм» ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари имомлари учун «Имамсʼ тоур» маърифий турларни ташкил этишда фойдаланиш ҳақида айтиб ўтилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Шунингдек, туризм йўналишида келган хорижий тадқиқотчилар учун Академиянинг кутубхонасидан фойдаланиш имконини яратиш, Академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар — Шайхонтоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларида сайёҳларни кириб-чиқиш шароитларини янада қулайлаштириш каби таклифлар билдирилди.

Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда «Ипак йўли» халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур меморандум асосида Қўмита мутахассислари томонидан Академия талабалари учун малака ошириш дарсларини ўтказиш, халқаро миқёсдаги экспертлар ва хорижий турфирмалар иштирокида талабалар учун маҳорат дарслари, ҳамкорликда илмий ва маърифий лойиҳаларни амалга оширишга эришилиши ҳақида маълум қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички туризм оқимидан тушадиган даромадни соҳани ривожлантиришга йўналтириш таклиф қилингани ва Навоий вилояти туризм соҳаси Туркия давлати билан хамкорликда ривожлантирилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар