Сирдарёда ўлимига 3 йилдан ошган фуқаро жаримага тортилгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирилди

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ўлимига 3 йилдан ошган фуқаро жаримага тортилгани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 23 декабрь куни ижтимоий тармоқда «Фуқаронинг ўлимига 3 йилдан ошган бўлсада, унга жарима белгиланди» сарлавҳаси остидаги хабар тарқалган. Мазкур хабарда Мирзаобод тумани ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт ходими томонидан фуқаро вафот этганлигига қарамасдан унга нисбатан маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги жарима қарори чиқарилгани айтилган.

«Ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилади», дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг расмий муносабатида.

Аввалроқ Aндижонда фуқарони калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан урган «ГАИ» ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилган.