Aндижонда фуқарони калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимларига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Aндижон шаҳрида 2020 йилнинг май ойида фуқаро A.Aбдукаримовнинг қийноққа солиниб, касалхонада вафот этиши ишига алоқадор ички ишлар бўлими ходимларига 27 ноябрь куни суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича Aндижон вилоят суди биносида судланувчилар Д.Ҳамралиев, Қ.Қодиров, Э.Райимжонов, Ф.Ҳусанбоев, П.Мамажонов ва A.Тўрақуловга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Унга кўра:

  • Д. Ҳамралиев 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
  • Қ. Қодиров 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
  • Э. Райимжонов 2 йил ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
  • Ф. Ҳусанбоев 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
  • П. Мамажонов 2 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.
  • А. Тўрақулов 1 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 1 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил-колониясида ўташ белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг май ойида Андижон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 4-сонли ички ишлар бўлими ходимлари фуқаро А.Абдукаримовни ноқонуний ушлаб турган ҳамда иқрорлик кўрсатуви беришга мажбурлаш мақсадида зўрлик ишлатиб, босим ўтказган. Оқибатда А.Абдукаримов вафот этган.

Кейинчалик Андижондаги қийноқ воқеаси бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари тугатилгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси иш юритувига олиниб, тергов ҳаракатлари ўтказилган.

Шунингдек, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Aндижон ва Чироқчидаги ички ишлар ходимлари жиноятлари тизим шаънига катта доғ туширганини, бу кечириб бўлмас ҳолат эканлигини таъкидлаган.

Янгиликлар