Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан урган «ГАИ» ишдан бўшатилди

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси 24 ноябрь, сешанба куни ижтимоий тармоқларда «Сирдарёда бировнинг хотинини йўлдан уриб, ифлослик қилган Тошкентнинг ГАИси қўлга олинди» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳага муносабат билдирди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими (ИИББ ЙҲХБ) ходими А.Р.нинг олган тан жароҳати бўйича йўл-патруль хизмат бўлими командирининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари томонидан бошқарма бошлиғи номига ёзилган билдирги асосида масъуллар томонидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув хулосасига кўра, ходимнинг ИИВнинг меъёрий буйруқ талабларини қўпол равишда бузиб, ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги, ходимларга нисбатан фуқаролар томонидан салбий фикрлар уйғонишига сабабчи бўлганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходими А.Р.га нисбатан Президентининг 2017 йил 29 ноябрь кунидаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган «Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомнинг 144-банди, «к» кичик банди — ички ишлар органи ходими шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлигига асосан ички ишлар органларидан бўшатилиши бўйича хулоса қабул қилинган.

Аввалроқ Хоразмда ҳоким ўринбосари ва ИИБ ходимининг ноқонуний ов қилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилганди. Шунингдек, Учқўрғонда ИИБ ходимлари ҳайдовчига куч билан тиббий ниқоб тақтирмоқчи бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар