Ўзбекистонда фаол фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича ҳар ойда компенсация пули тўланади

Ҳукумат қарори (99-сон) билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича компенсация пул тўловларини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар берди.

 

Хабарга кўра, 1 мартдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этиб келаётган фуқароларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича БҲМнинг 50 фоизи (122 минг 500 сўм) миқдорида ҳар ойда компенсация пул тўловлари тўланиши белгиланди.

Таъкидланишича, бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этаётган кўчабоши ва уйбошилар фаолияти самарадорлиги бир қатор асосий кўрсаткичлар орқали баҳоланади.

Шунингдек, мазкур шахслар фаолиятини баҳолашда улар бириктирилган кўча ёки уйда камида 3 ой давомида фаолият кўрсатганлиги инобатга олинади ва мезонлардан келиб чиққан ҳолда 70 баллдан юқори балл тўплаган тақдирда тўланади.

Қайд этилишича, компенсация пул тўловлари тўланиши кўчабоши ва уйбошилар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол иштирок этмаса муддатидан олдин тўхтатилади.

Мавзуга доир:

Янгиликлар