Самарқандда гиёҳванд модда сақлаган бир нечта фуқаро аниқланди
23 февраль куни Самарқанд вилояти Иштихон туманида Зарбдор ойлиги тезкор-профилактик тадбири давомида 24 нафар жиноят содир этишга мойил гумондор шахснинг хонадонларида тинтув тергов ҳаракатлари ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, фуқаро Қ.Б. яшаш уйидаги дарахт шохлари орасидан оғирлиги 100грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси топилган ва холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Таъкидланишича, Дехқонобод маҳалласида яшовчи М.Х.нинг яшаш уйи ошхонасидаги ўчоғи ичидан ва товуқхонасининг устидан тахминий оғирлиги 1 кг бўлган марихуана гиёҳвандлик воситаси топилган.
Шунингдек, Чақар қишлоғида яшовчи У.А.нинг уйидаги шкаф ичида бўлган кийимларининг чўнтагидан тахминан 30 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси топилди.
Мазкур холатлар юзасидан дастлабки тергов харакатлари олиб борилмоқда.