«Ўзбеккино» Миллий агентлиги «Ассалом Наврўз» кино-ойлигига старт берди

24 март куни «Ўзбеккино» Миллий агентлиги томонидан «Ўзбекфильм» биносида «Ассалом Наврўз» кино-ойлиги доирасида тантанали кеча ташкил этилди. Шунингдек, жорий кундан кино-кунларига ҳам старт берилди. Бўлиб ўтган кечада сумалак сайли ташкил этилиб, эстрада юлдузлари ижросида куй-қўшиқлар янгради. Тадбирда ўзбек киноси ижодкорлари, актёр ва актрисалар, санъат ва маданият соҳаси вакиллари иштирок этишди.

Эълон қилинган ойлик давомида Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий», Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат» бадиий фильмлари ва ҳужжатли фильмлар намойишлари ўтказилиши режалаштирилган. Сентябрь ойи охирида ўтказилиши режалаштирилган «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалининг ташкилий масалалари бўйича халқаро экспертлар иштирокида анжуман бўлиб ўтади. Ойликда 2021 йил кинолойиҳалар ва Адиблар хиёбони бўйича тайёрланган ҳужжатли фильмлар юзасидан давра суҳбатлари ва кинода аёл қиёфаси мавзусида «Аёллар медиа клуби» муҳокамалари бўлиб ўтади. Ўзбекистон халқ артисти Мукамбар Рахимованинг 80 йиллиги муносабати билан махсус ижодий кеча ҳам тақдим этилади.

«Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили муносабати билан ёшлар учун алоҳида тадбирлар ташкиллаштирилган. Хусусан «Ёшлар ва кино» мавзусида учрашувлар, питчинглардан ташқари Элёр Ишмухаммедов, Хилол Насимов, Али Хамроев, Рустам Сагдиев, Оделша Агишев ва Рашид Маликовлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади. Айтиб ўтиш жоизки жорий йилда ёшлар масалалари муҳим йўналишлардан бири сифатида қаралмоқда ва бир қатор грантлар ажратиш ва трейнинглар ўтказиш режалаштирилган.

Шу билан бирга вилоятлар бўйлаб киноижодкорлар иштирокида намойишлар ва ижодий учрашувлар ўтказиб келаётган «Кинокарвон» лойиҳаси ўз сафарини Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида давом эттиради. Ушбу лойиҳа давомида ўзбек киноси юлдузлари иштирокида жойларда ижодий учрашувлар ва Муҳаммадали Искандаровнинг «Мен террорчи эмасман», Эргаш Мўминовнинг «Орзулар қанотида», Ҳилол Насимовнинг «Мерос», Зулфиқор Мусоқовнинг «Ҳайрат» ва Фотиҳ Жалоловнинг «Муқимий» фильмлари премьералар ўтказилиши кўзда тутилган. Карвон билан бирга йўлга чиқадиган мобил кинотеатр энг олис қишлоқларгача етиб бориб, маҳаллий аҳолига ушбу фильмлар намойишини уюштиради.

Янги кино ойлик муносабати билан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ўзбек киноси классик дурдоналари «Тоҳир ва Зухра», «Алишер Навоий», «Маҳаллада дув-дув гап», «Келинлар қўзғолони» каби яна 8та бадиий ва 100 дан ортиқ мультипликацион фильмларнинг эталон негативларини Россия давлат кинофондидан юртимизга қайтарди. Фильмлар ойлик доирасида юртимиз телеканалларига тантанали равишда тақдим этилади. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги Ахборот хизмати

Янгиликлар