Ўзбекистонда 4600 километрлик Тошкент—Термиз—Орол автомарафони ўтказилади 

Ўзбекистонда 4600 километрлик Тошкент—Термиз—Орол эпик автомарафони ўтказилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Фото: Туризмни ривржлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, автомарафонга 18 сентябрь куни старт берилади. У бутун мамлакат бўйлаб ўтказилиб, 28 сентябрь куни якунига етади.

Автокарвон маршрути жануби-шарқда Термиз ва Амударёдан, шимоли-ғарбда Орол денгизигача боради. Автомарафон Тошкент шаҳрида бошланиб, Зомин, Самарқанд, Шаҳрисабз, Бойсун, Денов, Термиз, Бухоро, Хива, Нукус, Мўйноқ шаҳарларидан ўтади ва Орол денгизи бўйида тугалланади. Ушбу 4600 километрлик  эпик автомарафонда сайёҳлар ва саргузаштсеварлар, тарих ва маданият ихлосмандлари иштирок этиши мумкин.

Ўз транспорт воситасига эга бўлмаган кишилар автомобилни ҳайдовчиси билан ёки ҳайдовчисиз ижарага олиши мумкин. Бундан ташқари, иштирокчи йўлнинг исталган жойида марафонга қўшилиш имкониятига эга.

Аввалроқ Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон аэропортлари» АЖ Самарқанд, Бухоро, Наманган, Фарғона ва бошқа халқаро миллий  аэропортларга энг яхши ном беришга доир танлов эълон қилганди.

Янгиликлар