Тошкентдан Термизга тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда

Тошкентдан Термизга замонавий тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишида маълум қилди.

Давлат раҳбари Сурхондарёдаги энг оғриқли масалалардан бири йўл ва транспорт инфратузилмаси экани қайд этди.

Шунингдек, икки йил олдин Осиё тараққиёт банки билан 183 миллион доллар ҳисобига Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километр қисмини цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси бошлангани билдирилди. Бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошади, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқаради.

Шу билан бирга, мамлакатнинг Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрли магистрал йўл 30 йилдан буён капитал таъмирланмагани таъкидланди. Мутасаддиларга қурилиш ишларини уч ой ичида бошлаш топширилди.

Тошкент – Термиз йўналишидаги йўловчи поезд 14 соатдан кўп ҳаракатланади. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездлар олиб келиш бўйича келишувга эришилган, — деди президент.

Бундан ташқари, «Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон» участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган «Қумқўрғон – Қудуқли» темир йўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.

Ўзбекистон