«Мен шахсан назорат қилиб бораман». Тошкентда транспорт тизими модернизация қилинади

Тошкентда транспорт тизимини модернизация қилиш тўғрисидаги президент қарорининг амалий ижроси бошланди, деб хабар қилди президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева.

Хусусан, бунинг учун махсус тузилган Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида Тошкент шаҳридаги тирбандликлар ва экология масалаларини ҳал қилиш, шунингдек, умуман, жамоат транспорти назорати бўйича тақдимот ўтказилди.

Ҳисоботларга кўра, тез кунларда «ақлли» светофорларни ўрнатиш, йўлларга стандартларга мос чизиқлар тортиш ҳамда автотураргоҳларни тўғри ташкил қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланади.

Умид қиламанки, шаҳар ҳокими бошчилигидаги жамоа қарорнинг ижросини тўлақонли таъминлашга бор куч ва имкониятини қаратади. Мен бунинг бажарилишини шахсан назорат қилиб бораман, — деди Мирзиёева.

Президент Администрацияси раҳбари пойтахт учун ўта муҳим, жуда зарур бўлган ушбу лойиҳани амалга оширишда жамоага муваффақият тилади.

Ўзбекистон