Шофирконда 6 та мактабнинг иситиш тизимини таъмирлаш учун 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида 6 та мактабнинг иситиш тизимини таъмирлаш учун 1 миллирад 150 миллион сўм маблағ ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров, вилоят прокурори Дилшод Файзиев ва бошқа мутасаддилар Шофиркон тумани халқ таълими тизимидаги таълим даргоҳларининг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлигини кўздан кечирган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати
Қайд этилишича, туманда 56 та умумтаълим мактаби ва «Баркамол авлод» болалар маркази фаолият юритаётган бўлса, улардаги ўқувчилар сони 28 680 нафарга етган. Туманд 3 минг нафар педагог ишламоқда ва уларнинг 2145 нафарини аёллар ташкил этади.
Туманда 2020—2021 ўқув йилида умумтаълим мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастури бўйича олиб бориладиган танловларда иштирокини таъминлаш, 20 та мактаб директори ҳамда 650 нафар ўқитувчининг малакасини ошириш режалаштирилган.
Янги ўқув йили олдидан туманда 12 та умумтаълим мактабининг том қопламаси ва ўқув биноларининг ташқи фасад қисми таъмирланиб, эскирган эшик-деразалар ромлари янгисига алмаштирилаётгани қайд этилган. Шунингдек, 9 та умумтаълим мактаби тоза ичимлик суви билан таъминланган ва қолган 47 та таълим даргоҳида ташиб келтириладиган сувни сақлаш учун алоҳида сиғимлар тайёрланган. Ҳудуддаги 24-, 50- ва 51-сонли умумтаълим мактаблари ва 3-сонли ИДУМИнинг иситиш тизими янгиланган ҳамда 11 дона қозон алмаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода 271 та кўп хонадонли уйларни таъмирлаш учун 32,2 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинди.