Ўзбекистон дунёда уран олиш ҳажми ва захиралари бўйича қандай кўрсаткичда эканлиги маълум қилинди

Ўзбекистонда табиий уран олиниши бўйича статистик маълумотлар тақдим қилинди. Ушбу маълумотларга кўра, айни вақтда Ўзбекистон уран олиш ҳажми бўйича дунёда 5-ўринни, уран захиралари бўйича эса 10-ўринни эгалламоқда, деб хабар берди «Kun.uz»

Маълум қилинишича, дунёда табиий уран захиралари ҳажми 2019 йил августига кўра, 6,14 миллион тоннага баҳоланган. Бундан 29,6 фоизи Австралияга, 13,7 фоизи Қозоғистонга, 8,4 фоизи Канадага тўғри келади. Кейинги ўринларни Россия, Намибия, ЖАР, Хитой, Нигерия, Бразилия эгаллаган. Ўзбекистон эса 139,2 минг тонна уран захираси билан 10-ўринни эгаллаб келмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон уран олиш бўйича йилига 3,5 минг тоннага яқин уран билан дунёда 5-ўринни эгалламоқда. Жумладан, мамлакатда 2014 йилда 3128 тонна, 2015 йилда 3228 тонна, 2016 йилда 3325 тонна, 2017 йилда 3400 тонна, 2018 йилда 3445 тонна уран олинган. Ўзбекистонда олинувчи уран тўлиқ ҳажмда хорижга экспорт қилинади.

Уран олиш бўйича компаниялар орасида «Казатомпром» дунёда 1-ўринни эгалламоқда. Қозоғистон компанияси йилига 11 тоннадан кўпроқ уран олади. Бу эса дунёда бир йилда жами олинадиган ураннинг 20,5 фоизини ташкил қилади. НКМК бу борада дунё бўйича 5-ўринни эгалламоқда. Унинг ҳиссасига дунёда олинадиган жами ураннинг 6,4 фоизи тўғри келади. Компания Ўзбекистонда табиий уран олувчи ягона корхона ва дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, 2019 йилда дунё бўйича уранга бўлган эҳтиёж 63 400 тоннани ташкил қилган. Ураннинг асосий истеъмолчилари АҚШ (18161 тонна), Франция (9211 тонна), Россия (6264 тонна), Хитой (5338 тонна), Жанубий Корея (5013 тонна) ҳисобланади. Дунё бўйича ураннинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 60 минг тоннадан кўпроқни ташкил қилади. Бу эса дунёда уранга бўлган талабнинг 80—90 фоизига тенг.

Бундай маълумотлар билан Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) бош директори ўринбосари Нурмат Жулибеков «Экономическое обозрение» журнали билан бўлишган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йил бошидан бери 150 та янги кон давлат балансига олингани маълум бўлганди.