Самарқандда меҳнат мигрантлари учун касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил қилинади

Самарқанд вилоятида жойлашган коллеж ва техникумларда меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади. Бу ҳақида «Zarnews» хабар берди.

Маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 15 сентябрда «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 18 сентябрда 143-Қ-сонли қарори имзоланган. Унга кўра, вилоят бўйича хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Режага мувофиқ, вилоят ҳокимининг ўринбосари, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва меҳнат инспекторлари томонидан хорижга ишлаш учун кетган фуқаролар оила аъзоларининг ҳолидан мунтазам хабар олинади. Уларнинг муаммо ва эҳтиёжлари аниқланиб, ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатилади.

Бундан ташқари, уларга зарур тиббий патронаж хизматини кўрсатиш, ипотека кредитлари асосида уй-жойлар ажратиш, фарзандларининг таълим олишидаги муаммоларини ҳал қилиш, меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга кўмаклашилади.

Шунингдек, икки ой муддатда вилоятда жойлашган коллеж ва техникумларда меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади. Ушбу курсларнинг ўқув дастурлари хорижий йирик иш берувчиларнинг талабларига мослаштирилади.

Аввалроқ Самарқанд вилояти делегацияси ўзбекистонлик мигрантларнинг иш шароитларини ўрганиш учун Саратовда бўлгани ҳақида хабар берилган.

Андижон ҳокими эса вилоятдаги мигрантлар тайёрлаш маркази лойиҳаси билан танишган эди. Шу билан бирга, Андижондаги коллеж ташқи мигрантлар тайёрлаш марказига айлантирилиши ҳақда хабар берилган.

Янгиликлар