Меҳнат вазирлиги 20 та хусусий бандлик агентлиги лицензиясини вақтинча тўхтатди

Бандлик ва меҳнат вазирлиги 24 ноябрь, сешанба куни 20 та хусусий бандлик агентлигининг лицензиясини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Газета.uz»

Таъкидланишича, вазирлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида етарли захира маблағларни шакллантирмаган хусусий бандлик агентликлари фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 августдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунига асосан, Ўзбекистондан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликлари захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш, шунингдек, лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда маблағни қайтариш шартлари билан базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг беш юз баравари миқдоридаги маблағларни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўйилиши белгиланган.

Юқоридаги қонун талабини бажармаган қуйидаги хусусий бандлик агентликлари фаолиятлари 2020 йилнинг 3 декабрига қадар вақтинча тўхтатиб қўйилди:

  • «Mirai recruitment» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Euroasia Innovation» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ ҚК;
  • «Avangard Personal» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Vodiy HR» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Profit4you Europe» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Global hansung recruiting» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Continent himoya» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Dawamli Satli IS» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Status777» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «United aim» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Jyonan-staff bank» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • Хусусий бандлик агентлиги «Manpower» МЧЖ ҚК;
  • «Migration-consulting agency» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Global resourceс» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Migo overseas consulting» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Bek jobs» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Buyuk galaktika fraychayzing» компанияси хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Full employment» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • «Jinzai consulting development» хусусий бандлик агентлиги МЧЖ;
  • Хусусий бандлик агентлиги «Yuuki masaru» МЧЖ.

Aввалроқ Самарқандда фуқароларни қарийб 787 миллион сўмга чув туширган агентлик мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, фуқароларнинг 5 миллиард сўмдан ортиқ пулини талон-торож қилган агентлик мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган.