Ўзбекистонда пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўловни енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилади

Ўзбекистонда пластик карточкадаги пулни нақдлаштиришда ушлаб қолинадиган 1 фоизлик тўловни енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилади. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиққан.

Айтилишича, Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат вакиллари иштирок этган муҳокама жараёнида «Адолат» социал демократик партияси аъзоси Шуҳрат Полвонов мутасаддилар эътиборини фуқаролар ойлик маошлари ҳамда унга тенглаштирилган тўловларни банкоматлар орқали нақдлаштирганда 1 фоиз ҳисобида банк хизмати тўлови ушлаб қолинаётгани билан боғлиқ масалага қаратган.

Депутат ҳозирда аҳолининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар деярли тўлиқ ҳажмда пластик карточкаларга ўтказиб берилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда эса пластик карточкалардаги пул маблағлари нақд пул шаклига тенглаштирилгани, лекин тижорат банклари томонидан аҳолининг пластик карточкаларини банкоматлар орқали нақдлаштиришда 1 фоиз миқдорида комиссия тўлови ушлаб қолинаётганига тўхталган.

Шунингдек, у аҳолининг 10 фоизи бир ойда банкоматлар орқали ўртача 1 миллион сўмдан пул маблағларини нақдлаштирса, ойига 30 миллиард сўм, йилига эса 350 миллиард сўмдан ортиқ пул маблағлари банклар ҳисобига ушлаб қолинишини мисол тариқасида келтириб ўтган.

«Ваҳоланки, банклар фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка биноан, пластик карталардаги пулларни нақдлаштириш жараёнида максимал даражада 1 фоизгача банк хизмати ушлаб қолиш белгиланган. Нега айнан бугунги кунда максимал даражадаги 1 фоиз ушлаб қолинмоқда?» дея савол берган депутат.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурматов мазкур амалиёт тижорат банкларининг аҳолига банкомат хизматларини кўрсатишдаги харажатларини қоплаш учун жорий этилганини маълум қилиб, депутатнинг эътирози Марказий банк ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилишини айтган.

Шунингдек, депутат томонидан кўтарилган масалага бош вазир ҳам ўз муносабатини билдирган. У мазкур масала қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кўриб чиқилиши ҳамда 1 фоизлик устама тўлақонли олиб ташланмаган тақдирда ҳам енгиллаштириш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилган.

Аввалроқ Самарқандда март–октябрь ойларида 165 та банкомат ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар