Дунё мамлакатларининг 2020 йилдаги мудофаа харажатлари очиқланди

Жаҳон мудофаа харажатлари 2020 йилда 1,9 фоизга ўсиб, 1,9 триллион долларга етди. Бу ҳақда 26 январь, сешанба куни «Jane’s» ахборот-таҳлилий маркази томонидан чоп этилган мудофаа харажатлари бўйича тадқиқотда маълум қилинди.

Фото: «Reuters»

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, COVID-19 пандемияси таъсири туфайли 2021 йилда харажатларнинг ўсиши бир оз секинлашган.

«Европа, Осиё–Тинч океани ва Лотин Америкасидан ташқари барча минтақалар 2021 йилда реал қисқартиришларни амалга ошириши мумкинлиги сабабли мудофаа харажатларининг умумий ўсиши 2013 йилдан бери энг паст даражага (1,53 триллион доллар) тушади. COVID-19 пандемиясининг энг кучли таъсири 2022 йилда — ҳукуматлар харажатларни чеклашни бошлаганда содир бўлиши мумкин», — дейди марказнинг етакчи таҳлилчиси Эндрю Макдональд.

Унинг сўзларига кўра, ижобий ўсиш, асосан, Осиё қитъаси билан боғлиқ бўлади ва инқироз йилларидан кейин мудофаа харажатларининг ўсиши яна тезлашиши мумкин. Шунинг учун таҳлилчилар 2030 йилга келиб, бу харажатлар 2,23 триллион долларни ташкил этишини тахмин қилмоқда.

«Ўсишнинг асосий манбаларидан бири Осиё мамлакатлари бўлади. Агар 2010 йилда ушбу минтақадаги мамлакатлар барча харажатларнинг 20 фоизини ташкил этган бўлса, унда 2028 йилга келиб, бу кўрсаткич тахминан 35 фоизни ташкил этади», — дейди марказ экспертлари.

Маълумот учун, сўнгги етти йил давомида жаҳон мудофаа харажатлари доимий ўсиб бормоқда.

Аввалроқ Эстония генерал-майори Мартин Херем узоқ вақт давомида «Россия ҳужуми»га қарши туриш учун мудофаа харажатларини мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6,5 фоизигача оширишга чақирган эди.