Тожикистондан Ўзбекистонга гиёҳвандлик моддасини олиб кириб, сотаётган шахс қўлга олинди

Тошкентда 200 млн сўмга гиёҳванд модда сотишни режа қилган шахс Бекободда ушланди. Бу ҳақда ИИВ хабар берди.

Хабарга кўра, Тошкент шаҳарида яшовчи 1977 йилда туғилган (илгари ЖКнинг 276-моддаси билан айбли деб топилган) А.Т. Бекобод тумани «Истиқбол» МФЙ ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган.

Фуқарони кўздан кечириш давомида қўлида бўлган сумкасида вазни 1 килограммга тенг «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинган.

Таъкидланишича, А.Т. «гашиш» гиёҳвандлик воситасини Тожикистондан чегара айланма йўллар орқали яширин тарзда олиб ўтилганлиги ва уни Тошкент шаҳрига 200 миллион сўмга сотиш мақсадида олиб кетаётгани маълум бўлган.

Шундан сўнг, ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Бекобод тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ушбу гиёҳвандлик воситасининг манбасини аниқлаш мақсадида тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.