Бухородаги карантин талаблари бузилган «Соҳибкор» деҳқон бозори маъмурияти ва бошқа мутасаддилар огоҳлантирилди

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоятнинг 4-сектор раҳбари Шерзод Ашуров 25 август, сешанба куни Когондаги «Соҳибкор» деҳқон бозорида бўлиб, бозор ҳудудида карантин тартиб-қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат олиб борди.

Фото: Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизмати

Вилоят ДСБ матбуот хизмати хабарига кўра, назорат давомида мазкур бозорда карантин талабларига зид равишда айрим тадбиркорлар томонидан йўлакларда тартибсиз савдо қилиш ҳамда қўшимча қурилмаларни йўлакларга жойлаштириш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳолатларга бозор маъмурияти ва бошқа мутасадди раҳбарлар эътиборсизлик қилган.

Фото: Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизмати

Назорат тадбирида тадбиркорлар ва мутасаддиларга карантин шароитида касаллик тарқалишининг олдини олишда энг муҳим вазифа санитария тартиб-қоидаларига сўзсиз амал қилиш, масалага енгил қарамасдан ҳудудда оралиқ масофаларни таъминлаш мақсадида йўлакларда савдо қилинишига йўл қўймаслик ҳамда белгиланган тартибда дезинфекция ишларини олиб бориш кераклиги тушунтирилиб, айрим мутасаддиларга огоҳлантириш берилди.

Фото: Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизмати

Шундан сўнг зудлик билан бозор ҳудудида тозалаш ишлари амалга оширилиб, карантин коидаларига жавоб бермайдиган ҳолатлар бартараф этилди. Ҳудуддан ноқонуний қурилмалар олиб чиқилиб, дезинфекция ишлари амалга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, Бухорода 10 августдан бошлаб карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши бошланган ва буюм, қурилиш моллари савдоси ва бошқа турдаги бозорлар фаолиятига рухсат берилган.

Янгиликлар