Наманганда 100 дан ортиқ арзон хонадон 20 йиллик имтиёзли кредит асосида аҳолига топширилади (видео)

Наманган вилояти Наманган шаҳрида 108 та арзон уй-жой эгаларига топширилади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» хабар берди.

Маълум бўлишича, 2020 йилда жами 50 дан ортиқ арзон уй-жойлар қуриш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда унинг 60 фоизи бажарилган. Охирги 2 йил ичида эса 1176 та хонадон қуриб битказилиб, аҳолига топширилган.

Вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Алимовнинг айтишича, вилоятнинг туманларида 1,5 мингдан зиёд аҳоли учун арзон уй-жойлар қуриш режалаштирилган.

«Уйларнинг 1 метр квадрати таннархи 4—4,5 миллион сўмдан бўлса, бизда бу кўрсаткич 3,5 миллион сўмга туширилди. Бунга қурилиш материалларининг 90 фоизи маҳаллийлаштирилиши сабаб бўлди», — дейди Дониёр Алимов.

Хабарда ушбу 108 та хонадон қурилишига 35 миллиард сўм йўналтирилгани қайд этилган. Уларда иситиш тизими алоҳида ва ташқи деворлар изоляция қилинган. Аҳолига 20 йилга имтиёзли кредит асосида берилмоқда.

Аввалроқ Бухорода 660 та оилага мўлжалланган 22 та кўп қаватли уй қурилаётгани, Уйчида 200 га яқин муҳтож оила учун мўлжалланган турар жой қурилишининг 65 фоизи битказилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар