Фарғонада 2,2 млн сўмлик товарни «Nexia»нинг газ баллонига яшириб, Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлган эркак ушланди

Фарғонада Қирғизистондан Ўзбекистонга 2,2 миллион сўмлик товар моддий бойликларини «Nexia» автомашинасининг ёқилғи сақлаш учун мўлжалланган метан газбаллонига яшириб олиб кирмоқчи бўлган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, Ўзбекистонда божхона органлари томонидан «яширин иқтисодиёт»нинг асосий омилларидан бири бўлган товарларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши, сақланиши ва айланишининг олдини олишга қаратилган чора тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Фарғона» чегара божхона пости ходимлари томонидан пост орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга ҳаракатланаётган фуқаро Б.А. бошқарувидаги «Nexia» автомашинаси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Натижада автомашинанинг ёқилғи сақлаш учун мўлжалланган метан газбаллонига товарларни ноқонуний олиб ўтиш учун ташкил қилинган туйнук аниқланган. Мазкур туйнукда хорижда ишлаб чиқарилган қиймати 2,2 миллион сўмлик товар моддий бойликлари яширилгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Олтиариқда 60,5 миллион сўмлик тамакини Ўзбекистонга яширинча олиб кирган эркак аниқлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар