Самарқандда 1 ой олдин очилган гастрономик кўчадан сув сизиб чиқди

Самарқанд шаҳридаги Орзу Маҳмудов кўчасида 2020 йил 18 октябрь куни илк гастрономик кўча очилгани маълум қилинганди. Мазкур кўчанинг марказий қисмида 26 ноябрь куни сув сизиб чиқа бошлади ва бир неча соат ичида йўлнинг сув чиқаётган қисмида ёриқлар пайдо бўлди. Бу ҳақда «Zarnews» хабар қилди.

Фото: «Zarnews»

Маълум қилинишича, кўчанинг марказий қисмидан сув сизиб чиқа бошлаган. Бир неча соат ичида йўлнинг сув чиқаётган қисмида ёриқлар пайдо бўлган. Чиқаётган сув аллақачон йўлнинг тенг ярмига етган.

Мазкур ҳолатга вилоят кенгаши депутати Нарзиқул Холиқов фикр билдириб, ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қуйидагича пост қолдирган:

«Коммунал ташкилотлар шаҳар кўчаларини янги асфальт қопланишидан олдин кабель ва қувурларини янгилаши вақти келмадими? Қачонгача янги қопланган асфальт қопламаси, қувурлар ёки кабеллар аварияси оқибатида ковланиб, сифати бузилаверади? Шу билан бир қаторда, ушбу ташкилотлар мутахассислари ҳар куни шаҳарнинг марказий кўчаларини камида бир марта айланиб чиқиб, мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришлари зарур ва шарт!»

Фото: «Zarnews»

Фото: «Zarnews»

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ушбу вазиятга муносабат билдириб, ушбу кўчадаги мавжуд муаммо мутасаддилар томонидан тезда бориб ўрганилганини маълум қилган. Шунингдек, ҳокимлик хабарида айни пайтда юзага келган ҳолатни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.

Маълумот ўрнида, ушбу гастрономик кўчанинг очилишида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этган эди.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Тадбирда вилоят туризмни ривожлантириш департаменти вакиллари кўча мамлакатдаги биринчи гастрономик кўча бўлиши, унинг икки томони бўйлаб қаҳвахоналар, пиццериялар, шунингдек, умуман, дунёнинг 30 дан ортиқ халқлари таомлари тайёрланиши айтилган. Шунингдек, келгусида Орзу Маҳмудов кўчасида турли фестиваллар ўтказиш, кўча мусиқачилари ва рассомларини жалб қилиш режалаштирилган.

Янгиликлар