Видео: Сергелидаги ерусти метросининг синов поезди
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида қурилиши якунланаётган метро линияси 2020 йилнинг охирида ишга туширилади. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» каналидаги лавҳада маълум қилинди.
Таъкидланишича, Сергели йўналиши ишга тушганидан сўнг 35 минг йўловчига хизмат қилади. Ҳозирда ушбу йўналишни қуриш ишларида 1200 га яқин мутахассис ва ишчи ходимлар, 100 дан ортиқ машина ҳамда техникалардан фойдаланилмоқда.
Ерусти метро бекатларининг безакларида замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Айни пайтда бекатлар миллий меъморий кўринишдаги ҳолатга келтирилмоқда. Лойиҳа якунига етгач, 210 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.
Қайд этилишича, Чилонзор йўналишининг Олмазор бекатидан янги қурилаётган Сергели метро йўналиши сўнгги бекатигача синов режимида поезд ўз ҳаракатини амалга оширди. Ҳозирда Сергели метро йўналишида якуний қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Мазкур йўналиш 5 та бекатдан иборат бўлиб, умумий узунлиги 6,2 километр эканлиги айтилган.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида 1 ноябрдан жетонлардан фойдаланиш тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Тошкент метрополитени» янги метро вагони томидан сув сизиб чиққанига изоҳ бергани ҳақида хабар берилган.