Фоторепортаж: 2,9 км узунликдаги янги «Юнусобод» ва «Туркистон» метро бекатлари
Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида янги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари 30 август, якшанба куни фойдаланишга топширилди. Лойиҳада қарийб 3 километр метро йўли қурилган бўлиб, у «Шаҳристон» бекатига уланган.
Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Хидоятовнинг оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган пресс-тур давомида маълум қилишича, қурилиш ишлари 2001 йил тўхтатилган, чунки «Шаҳристон» бекатидан 200 метр қазилганда ерости сувлари юқори бўлган. Метро бекатлари қурилиши 2017 йил январь ойидан қайта тикланган. Янги лойиҳада Германия технологияси қўлланилиб, сувли жойдан темир-бетон тюбинг қўйиш орқали ўтилган. Бу эса ерости сувларининг бекатларга сизиб чиқмаслигини таъминлайди.
Таъкидланишича, «Юнусобод» метро бекати замонавий, «Туркистон» қадимий услубда безатилган.
«2020 йил август ойида фойдаланишга топширилган метро бекатларининг умумий узунлиги 2,9 километр бўлиб, ‘Шаҳристон’ бекатига уланади. Қурилишнинг барча босқичларида ўзбекистонлик қурувчилар ишлаган, шунингдек, бекат безаклари ҳам Ўзбекистон ички бозори маҳсулотларидан иборат. Бу қурилишда Германиядан келтирилган бурғилаш технологиясидан фойдаланилган.
Лойиҳа қиймати 25 миллиард сўмни ташкил қилади, бекатлар фойдаланишга топширилиши билан 124 та қўшимча ишчи ўрни яратилди».
Сойибжон Жўраев, «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси қурилиш бўйича муовини.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 29 август куни янги метро бекатлари фаолияти билан танишганди. Президент бу лойиҳа ҳамма нарсани — ҳаракатни, иқтисодни, ҳаётни тезлаштиришини таъкидлаган.