«Тошкент метрополитени» янги метро вагони томидан сув сизиб чиққанига изоҳ берди

«Тошкент метрополитени» унитар корхонаси 14 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган янги метро вагони томидан сув томчилари сизиб чиқаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, мазкур ҳолат вагон ичидаги иқлим тизимининг дренаж тешиги тиқилиб қолганлигидан ҳосил бўлган. Шунингдек, видеоларда акс этган вагон салонига томдан сизиб кирган сув томчилари ёмғир суви эмас, балки кондиционер тизимининг конденсати эканлиги қайд этилган.

«Айни пайтда ушбу муаммо бартараф этилди. Келиб чиққан ноқулайликлар учун узр сўраймиз», дейилади корхона хабарида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ августи ойи сўнгида Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ишга тушгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, Тошкент метрополитенининг янги «Юнусобод» ва «Туркистон» бекатлари фойдаланишга топширилгани маълум қилинган.