Жиззахда ҳокимнинг қизига тегишли компания 2 млрд сўмлик лойиҳаларни қўлга киритгани бўйича текшириш бошланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида Жиззах вилоятидаги давлат харидлари билан боғлиқ танловлар юзасидан ҳолат бўйича ўрганишни бошлади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи ҳам таъсисчилар орасида бўлган «My Flower» компанияси Жиззахнинг Шароф Рашидов кўчасини кўкаламзорлаштириш бўйича танловда йил давомида 2 марта ғолиб бўлган. Аниқланишича, вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан буюртма берилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2 миллиард сўмдан зиёдроқни ташкил этади.
Хабарда келтирилишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизмати ўрганишлар натижалари бўйича оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилади. Шунингдек, хабарда агентликнинг давлат харидлари соҳасидаги шартномаларнинг очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши натижасидатизим шаффофлашганини маълум қилган. Бундан ташқари, гентлик давлат харидлари соҳасида учраётган тизимли қонун бузилиш ҳолатлари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда мазкур жараёнда юзага келаётган коррупцион ҳолат ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солувчи ва жавобгарликни кучайтиришни назарда тутадиган таклифлар ишлаб чиқилаётганини ҳам маълум қилган.
Аввалроқ, Маданият вазирлигида бажарилмаган ишлар учун қанча бюджет маблағи ўзлаштирилгани ва Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берганлар шахси давлат сири этиб белгиланиши мумкинлиги хабар қилинганди.