Маданият вазирлигида бажарилмаган ишлар учун қанча бюджет маблағи ўзлаштирилгани маълум бўлди

Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 миллиард сўм буджет маблағи ноқонуний ўзлаштирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, Олий Мажлис Сенатида 18 октябрь куни ўтказилган йиғилишда буджет маблағини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари ҳақида сўз борган. Жумладан Вазирликлар ва ҳокимликларда ҳам буджет маблағини ўзлаштириб келиш ҳолати аниқланган.

«Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 миллиард сўм буджет маблағи талон-тарож қилинган. Биз, моддий-маданий мерос объектларига қаранглар, маданият марказлари хароб аҳволдаʼ, десак пул йўқ дейишади. Амалда эса аҳвол мана бундай. Буджет ижросига қараб ислоҳотларнинг қандай кечаётганини билиб олиш мумкин. Тўғри, бу йил осон бўлмади. Шунга қарамасдан 9 ой давомида кўп иш қилинган. Бироқ муаммолар ҳам етарли. Айниқса, маҳаллий буджетлар билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг сақланиб қолаётгани ҳудудлар палатаси сифатида бизни ташвишлантириши табиий.

Хусусан, маҳаллий буджетларда ҳосил бўлган қўшимча маблағларнинг 10 фоизини жамоатчилик таклифларига кўра йўналтиришнинг самарали, очиқ ва шаффоф тизимини яратишга эҳтиёж бор. Умуман, маҳаллий буджетларга қўшимча манбанинг аниқланиши ва сарфланиши масалаларини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ», — дейди Сенат раиси Танзила Норбева.

Аввалроқ Ўзбекистонда ўтган 9 ойда қанча бюджет маблағлари асоссиз сарфлангани ва Сенат мажлисида 2021 йилги давлат бюджети тасдиқлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани ҳамда Ўзбекистонда ўтган икки йилда қанча мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани хабар қилинганди.

Янгиликлар