Ўзбекистонда 2020 йилда тез ёрдамга қанча мурожаат келиб тушгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2020 йилда тез ёрдамга 11 миллионга яқин мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, ушбу кўрсаткич 2019 йилда 10 миллионга яқин кўрсаткични ташкил этган. 2020 йилда энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳридан (1 миллиондан зиёд) келиб тушган бўлиб, энг кам мурожаат Навоий (355 мингдан ортиқ) ҳамда Сирдарё (384 мингдан ортиқ) вилоятларида кузатилган.

Карантин даврида коронавирусни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти тез ёрдамга қўнғироқ қилган ва бунинг ҳисобига 2020 йилги мурожаатлар сони ошган. Хабарда тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини яхшилаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази дастурчилар марказининг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган ҳамкорлик лойиҳаси амалга оширилаётгани маълум қилинган.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида хизмат мутахассислари фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, қўнғироқларни қабул қилиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш, маълумот алмашиш ва тез тиббий ёрдам бригадаларини бошқариш бўйича ўқитилган.

Янги тизимга кўра, бир маротаба олинган маълумотлар тизимда электрон тарзда бригадага тўғридан тўғри узатилади. Бу орқали вақтнинг тежалишига олиб келади. Ушбу тизим ўрнатилишидан олдин чақириқ хақидаги барча маълумотлар диспетчер томонидан қоғозга тушириб олинар эди. Шундан сўнг телефон орқали бригадаларни йўналтирувчи иккинчи диспетчерга айтилиб, у ҳам қоғозга юқоридаги маълумотларни қайта тушириб, бригадага шу иккинчи марта тўлдирилган қоғоз билан хабар узатар эди.

Шунингдек, янги тизим орқали чақириқдан бўш бўлган ва чақириқ манзилига энг яқин бўлган тез тиббий ёрдам бригадасига хабар узатиш имкони яратилган ва уларнинг ҳаракати онлайн кузатиб борилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда тез ёрдамга жалб қилинган автомобиллар сони ва Ўзбекистонда тез ёрдам хизматидаги шифокорларнинг қанчаси олий маълумотли эканлиги хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда тиббиёт ташкилотларини ихтиёрий аккредитациядан ўтказиш механизми жорий этилиши маълум қилинган.

Янгиликлар