Тошкентда автобус ва йўналишли такси йўловчилари ҳам юрган масофасига қараб пул тўлайдиган бўлди

Тошкент шаҳрида автобус ва йўналишли такси йўловчилари юрган масофасига қараб пул тўлаши маълум қилинди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бош мутахассиси Аҳрорхўжа Тошхўжаев 26 январь кунги матбуот анжуманида қатор долзарб саволларга жавоб берган. Унинг сўзларига асосан, қанча кўп бекат юрилса, шунча кўп ҳақ тўланиши фақат метрополитен бекатларига эмас, балки автобус ва йўналишли таксилар учун ҳам амал қилади.

Юрган масофага қараб тўловни амалга ошириш бўйича туркиялик мутахассислар, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ҳамкорликда дифференциал, яъни қайишувчан тариф тўловлари бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён якунига етиб қолди. Бунда масофага қараб бир транспортдан бошқасига ўтиш бўйича ҳам тўловлар кўзда тутилган.

Унинг таъкидлашича, туркиялик мутахассислар билан биргаликда метро бекатлари атрофида автотураргоҳлар қурилиши ишлари ўрганилмоқда. Бунинг учун шаҳар ташқарисидан кириб келган транспорт воситалари оқими ўрганилган ва макромодел асосида транспорт ҳаракатини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Аввалроқ Тошкент метросида узоқроқ юрган йўловчи кўпроқ пул тўлаши мумкинлиги хабар қилинганди. Унга кўра, кимнинг қанча масофа юргани ва унинг таннархга таъсиридан келиб чиқиб, яқинда табақалаштирилган тариф тизимини йўлга қўйилади.

Янгиликлар