Бухоро ва Навоий вилоятларида 3 та олтин кони топилди
Шавкат Мирзиёев 27 август, пайшанба куни геология соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги бўйича тақдимот билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, давлат раҳбари Олий Мажлисга 2020 йил январь ойидаги мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига аҳамият қаратилиб, улар жадал ривожлантирилишини таъкидлаган. 2020 йилда геология соҳаси ана шундай йўналишлардан бири этиб белгиланган. Шу мақсадда Президентнинг 4 та қарори қабул қилинган.
Маълумотларга кўра, Бухоро ва Навоий вилоятларидаги Кулжуктов ҳамда Ауминзотов тоғлари ҳудудида 3 та олтин, Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳамда Жиззах вилояти Арнасой туманида 2 та уран кони аниқланган.
«Ўзбекистонда янги геология тизими яратилмоқда. Уни ривожлантиришдан мақсад – табиий ресурсларни халқимиз манфаатига йўналтириш, иш жойлари ташкил этиб, одамларни бой қилиш», — дейди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари келгуси йили геология-қидирув ишларини 2 баробар кенгайтириб, янги истиқболли майдонларни аниқлаш, соҳага замонавий лаборатория техникаларини жорий қилишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган. Тақдимот давомида геология қўмитасига саноат кооперацияси асосида янги конларни қидириш, топилган ресурсларни ўзлаштириш учун хусусий секторга бериш амалиётини янада кенг қўллаш бўйича топшириқ берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йил бошидан бери 150 та янги кон давлат балансига олингани маълум бўлганди.