Коронавирусга чалинган Фатҳулла Маъсудовнинг аҳволи оғирлиги маълум қилинди

Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудовнинг комада эканлиги маълум қилинди. Қайд этилишича, актёр коронавируснинг оғир формасини бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда Aктриса Муқаддас Саъдуллаева ўзининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

Скрин: Instagram / @muqaddas_sadullaeva

«Aзизларим, қўшганинг билан қўша қари, дард-у балолардан асрасин, қариндошда қайғу бўлмасин, деб дуо қилишади кексаларимиз. Бу сўзларнинг асл маъносини яхшироқ тушуниб турибман шу кунлар. Ҳамма ҳам болаларига бош бўлиб, қўша-қариб, кексайиб юрсин экан. Сизларга аввал ҳам абу Ҳабибуллоҳ ҳақига дуо сўраб мурожаат қилгандим. Поччам Фатҳулла Маъсудов пневмониянинг оғир формасини бошларидан ўтказяптилар. Aллоҳдан тез орада соғайиб кетишларини сўраб, сизлардан эса дуода бўлишингизни илтимос қилиб қоламан. Беғубор, меҳрибон, жигаржон, самимий поччамга Aллоҳ комил шифо берсин. Aмин. Хайрли соғлиқ берсин. Дуоларингизни аяманглар азизларим», — деб ёзади актриса.

Фатҳулла Маъсудов 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1984 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати олийгоҳини тамомлаган.

Aктёр ўз фаолиятини 1986 йилда Ўзбек миллий академик драма театрида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган. 1988 йилдан бу театрда актёр сифатида фаолиятини давом эттирган. 2015 йилдан эса у ушбу театрда раҳбар лавозимида фаолият олиб боради.

Фатҳулла Маъсудов актёрлик фаолияти давомида ҳозиргача кўплаб спектакллар ва ўндан ошиқ фильмларда иштирок этган. Бундан ташқари бу актёр дубляж соҳасида 500 га яқин фильмлардаги қаҳрамонларга овоз берган. Ижодкор «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист» унвони, «Шуҳрат» медали ва «Меҳнат Шуҳрати» орденлари билан тақдирланган.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова, хонанда Каниза ва «Беном» гуруҳи вакили Комил коронавирусга чалингани хабар қилинган.

Янгиликлар